(1-dekabr, 2016) Яқинда Варшавада Халқаро қўшиқ фестивали бўлиб ўтди. Унда дунёнинг турли мамлакатларидан, шу жумладан, ўзбекистонлик санъаткорлар ҳам иштирок этди.
«Жаҳон» АА хабар беришича, ушбу маданий тадбир доирасида машҳур санъат устаси «Анна Герман қўшиқларининг энг яхши ижрочиси» мусиқий танлови ташкил қилинди. Польша, Франция, Германия, Россия ва Белорусь вакилларидан иборат ҳайъат аъзолари 72 нафар талабгор орасидан юксак ижро маҳоратига эга бўлган санъаткорларни танлаб олишди.
Ўзбекистонлик иштирокчи Фарида Гиргин танловда «Эвридикa» қўшиғини ижро этди ва у «Анна Герман қўшиқларининг энг яхши ижрочиси» мукофотига сазовор бўлди.
А.Рачинска, Полшадаги Анна Герман номидаги жамғарма директори:
— Ушбу фестивальда юқори малакага эга бўлган ижрочилар иштирок этишди. Ўзбекистон вакилининг мусиқий чиқиши концертга алоҳида шукуҳ бахш этди. У ўзининг ижрочилик маҳорати билан том маънода бизларни мафтун қилди.
Анна Герман ижодининг мухлисларига яхши маълумки, унинг ёшлиги Урганчда, сўнгра Тошкентда ўтган. Анна Герман ашула айтишни айнан Ўзбекистонда бошлаган.