(Dekabr 3, 2016) Ўзбек адабиётининг атоқли намояндаларидан бири Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон 1897 йилда Андижоннинг «Қатортерак» маҳалласида зиёли оиласида дунёга келган. Онаси уй бекаси бўлган. Отаси Сулаймонқул мулла Муҳаммад Юнус ўғли (1874-1929) деҳқончилик, ҳунармандчилик, баззозлик билан шуғулланган.
Чўлпон аввал эски мактабда, сўнгра эса Андижон ва Тошкентдаги обрўли мадрасаларда таҳсил олиб, турк, араб, форс тилларини мукаммал ўзлаштиради. Шарқ ижтимоий-сиёсий қарашларидан озиқланади. Фирдавсий, Саъдий, Ҳофиз, Деҳлавий, Низомий, Умар Хайём, Алишер Навоий, Абдулла Тўқай каби буюк сўз санъаткорлари ижодини меҳр билан ўрганади. Шу билан бирга, Андижондаги рус-тузем мактабида рус тилини чуқур ўзлаштириши натижасида жаҳон адабиёти дурдоналари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлади. Айни чоғда Туркистонда 1905 йилларда камол топа бошлаган маърифатпарварлик йўналиши таъсирида шакллана боради. Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний каби атоқли маърифат тарғиботчилари ва ташкилотчиларига эргашади, маърифатчи адиб бўлиб шаклланади.
Чўлпоннинг ижоди 1913-1914 йиллардан бошланган бўлиб, у аввал «Қаландар», «Мирзақаландар», «Андижонлик» ва ниҳоят Чўлпон (Тонг юлдузи) тахаллуслари билан ижод қила бошлади. У ҳам шоир, ҳам носир, ҳам драматург сифатида халқимиз адабиёти равнақига салмоқли ҳисса қўшди. Унинг дастлабки асарлари «Садои Туркистон», «Садои Фарғона» каби маҳаллий рўзномаларда, шунингдек, Оренбургда чиқадиган «Шўро» номли ойномада ҳам нашр этилади. Хусусан, Чўлпоннинг «Иштирокиюн», «Қизил байроқ», «Туркистон» ҳамда «Бухоро ахбори» каби рўзномалардаги фаолияти ҳам унинг ижодий шаклланишида маҳорат мактаби бўлиб хизмат этди.
Чўлпон етук лирик шоиргина эмас, йирик носир сифатида ўнлаб публицистик мақолалар, очерк ва ҳикоялар, «Қор қўйнида лола», «Ёв» қиссалари ва «Кеча ва кундуз» (1938) каби ажойиб романининг биринчи («Кеча») қисмини нашр эттирган истеъдодли адиб ҳамдир.
У драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг «Халил фаранг», «Чўрининг исёни» каби кичик пьесалари, «Ўртоқ Қаршибоев», «Муштумзўр» каби етук драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган «Ёрқиной» пьесалари машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси В.Ян билан ҳамкорликда «Ҳужум» драмасини яратган.
Чўлпон адабий танқид соҳасида «Шўро ҳукумати ва садои нафиса», «Адабиёт недур?» каби мазмунли мақолалар ҳам яратган. Шунингдек, Чўлпон моҳир таржимон сифатида М.Горкийнинг «Она», А.С.Пушкиннинг «Дубровский» қиссаси ва «Борис Годунов» каби пьесаларини ҳамда В.Шекспирнннг машҳур «Ҳамлет»ини ўзбекчага ўгирган.
Чўлпон ҳам Фитрат ва Абдулла Қодирий каби қатағонлик сиёсати қурбони бўлган. У 1937 йилнинг 14 июлида қамоққа олиниб, 1938 йилнинг 4 октябрида отиб ташланган. 1956 йилда оқланиб, 1991 йилдагина биринчи бор «Яна олдим созимни» номи билан энг яхши шеърий асарлари тўплам ҳолида нашр этилди. Кейинги бир жилдлик китобидан унинг кенгайтирилган таржимаи ҳоли, (проф. О.Шарафиддинов) «Кеча ва кундуз» романи ўрин олган.
Ҳозирги кунда Чўлпон номида нашриёт, кўча, маҳалла, кутубхона ва мактаблар бор. Унинг Фозила (1906), Фоиқа (1903) исмли қизлари ва набиралари Наманганда яшайди. Унга 1991 йил 25 сентябрда «Яна олдим созимни» китоби учун Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди. 2016 йилда андижонлик ёзувчи Наби Жалолиддин Чўлпон ҳаёти ва ижодига бағишланган икки китобли тарихий романни ёзиб тугатди.
Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон истиқлол учун жон фидо қилган, мустамлакачиларга нафратини ошкора изҳор этган жасур ҳамда ўзбек адабиёти тарихида ягона истеъдод соҳиби бўлган шоир эди. 2017 йилда унинг 120 йиллиги нишонланади. Умид қиламизки, юртимиз бўйлаб шоирнинг юбилей таваллуди кенг нишонланади.